Бугун Қорақалпоқ давлат университети мажлислар залида  Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси бўлиб ўтди. Унда  экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси Қорақолпоғистон Республикаси ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ва ҳудудий партия ташкилоти Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш, шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси II съездига делегатлар сайлаш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб конференцияда иштирокчиларга  жорий йилнинг 23 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг иккинчи Пленумида қабул қилинган қарор ҳақида батафсил ахборот берилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декaбрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган партиялараро рақобатни таъминлаш, барча сиёсий субъектлар учун тенг шароитлар яратиш, парламент ролини кучайтириш бўйича устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 8 январь куни Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилди ва 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия  вазирлиги томонидан давлат рўйхатига олинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алиханов иштирокчиларга Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий партия ташкилотларини ташкил этиш бўйича Партия Марказий Кенгаши томонидан тегишли қарор ва мазкур қарорни амалга ошириш бўйича  партия олдида турган вазифалар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Қайд этилганидек, мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партияни ташкил этилиши бугунги куннинг талаби бўлди. Албатта, экологик сиёсий партиянинг асосий эътибори атроф муҳитни муҳофаза қилиш мамлакат ҳар бир фуқаросининг умумий иши бўлишига қаратилади.

Конференцияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

Отабек Рахимбаев,

Табиатшунослик факултети  2-босқич

 гидрометеоролгия йўналиши  талабаси.